"Jayhun ilhomlari" NNT rasmiy veb-sayti

ННТ тарихи


Амударё тумани илгариги даврлардан турли истеъдод эгаларига эга ҳудуд ҳисобланади. Халқ оғзаки ижоди намуналари авлоддан-авлодга ўтиб Амат бахши каби санъаткорлар томонидан ҳозирги даврга  етказилган. Назир Раҳимов каби ҳофизлар мумтоз ашулалар ижрочиси, шунингдек, замонавий қўшиқлар муаллифи сифатида танилган. Уларнинг ишларини ҳозирги  вақтда ёш санъаткорлар давом қилдириб келмоқдалар. Шунга қарамай тумандаги, айниқса, чекка ҳудудларда яшовчи, истеъдодларини намойиш қилишга имконият топа олмаётган ёшларга эътибор берилмай келинаётган эди. Айнан шу сабабли бу соҳада фаолият юритувчи ташкилот тузиш эҳтиёжи туғилди.

2015 йил бошида Амударё туманидаги “Тараққиёт кўзгуси” газетаси жамоаси ва  бир гуруҳ ижодкорлар янги нодавлат нотижорат ташкилоти  тузиш ташаббуси билан чиқишди. Кўпчиликнинг таклифига биноан ташкилотга “Жайхун илҳомлари” номини беришга келишилди. Тегишли ҳужжатлар тайёрланиб Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига топширилди ва 2015 йил 12 июнда вазирликнинг  буйруғи билан “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти  тузилганлиги ҳақида 4-сонли гувоҳнома олинди. Ешниёзов Ғуломжон, Хўжаниёзов Саъдулла, Хўжанов Шомурод, Шомуродов Маҳмуд, Холимбетов Бозорбой, Эрниёзов Манғитбек, Жуманиёзов Алламберган, Юлдашева Робия, Ражабова Ойгул, Нафасов Аҳмадлар ташкилотнинг таъсисчилари бўлдилар.  ННТга раис қилиб Нафасов Аҳмаджон ташкилот раиси этиб сайланди.

Ташкилотни тузишдан мақсад ёш авлодни ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришда бадиий адабиётнинг ўрни, таъсири ва аҳамиятини янада ошириш орқали халқимиз маданиятини юксалтириш, Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган ёш шоир ва ёзувчилар, журналистлар, санъаткорлар, бадиий ҳамда амалий санъат усталарини қўллаб-қувватлаш орқали адабиёт, мусиқа, бадиий ва амалий санъат равнақига ҳисса қўшишдан иборат эди. 

“Жайхун илҳомлари” ННТ 2015 йил 28 июлда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига аъзо бўлди.