"Jayhun ilhomlari" NNT rasmiy veb-sayti

ННТ ҳақида


“Жайхун илҳомлари” ННТ тузилгандан кейин иш фаолиятини бошлаш учун юридик ҳужжатлар тузишда, кадрлар танлашда, жой билан таъминлашда “Тараққиёт кўзгуси” газетаси жамоаси яқиндан ёрдам бердилар. Таҳририят биносидан ижара бериш асосида хона ажратиб берилди. Ёш истеъдод эгаларини  аниқлаш, уларнинг ижод намуналарини таҳлил қилиш, зарур маслаҳатларни беришда тажрибали журналист О.Ражабова, шоира Р.Йўлдошеваларнинг ёрдами жуда катта бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик ҳақида” қонунига асосан туман ҳокимлиги, сиёсий партиялар, Ёшлар Иттифоқи туман Кенгаши билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди, ёшлар билан ишлашда, тадбирлар ўтказишда биргаликда иш олиб боришга келишилди.

Ташкилот ишини моддий томондан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловларда қатнашиб, 2015-2017 йилларда учта  лойиҳа билан ғолиб чиқиб, фонднинг грант маблағига эга бўлди. “Юксак маънавиятли авлод – юрт келажаги” ва “Биз ёшлар – ёт ғояларга қаршимиз” лойиҳалари бўйича белгиланган режадаги тадбирлар тўла бажарилди. Ҳозирда учинчи “Ўзбекистон – мафтункор диёр” лойиҳасини бажариш юзасидан иш олиб борилмоқда. 

Ташкилот аъзолари ёш ижодкорлар билан яқин алоқада бўлиб, уларнинг асарларидан намуналар “Тараққиёт кўзгуси” ва “Менинг оилам” газеталарида ёритилишига кўмаклашмоқдалар. Бадиий асарлар, тасвирий санъат, мусиқа йўналиши бўйича танловлар ўтказилиб, энг яхши намуналарининг муаллифлари рағбатлантириб келинмоқда. 42 та ёш ижодкорнинг асарлари намуналаридан иборат “Жайхун жилғалари”, туманимизда турли соҳаларда ишлаб бошқаларга намуна бўлаётган ёшлар ҳақида “Амударё ёшлари” номли тўпламлар нашр қилинди.

 

“Жайхун илҳомлари” ННТнинг  рамзи

2015 йил июль ойида ташкилоти аъзолари рассом Манғитбек Эрниёзовнинг ташкилот рамзи учун тайёрлаб келган экскизини муҳокама қилиб, тасдиқладилар. Кейинчалик рамз давлат рўйхатидан ўтказилди.

Рамзда айлананинг ички тепа қисмида тонг пайтида азим тоғлар оша кўтарилиб келаётган қуёш тасвири акс эттирилган, Қуёшнинг пастки қисмида пурвиқор тоғлар кўҳна Жайҳун бўйида ястаниб ётган Қоратов акси ҳисобланади. Тоғлар этагида Амударё тасвири бор. Дарёнинг сўл соҳилида, рамзнинг пастки қисмида воҳа тасвирланган. Рамзнинг марказий қисмида илм-маърифат рамзи бўлган китоб, китобнинг олд қисмида эса ижодкорлик рамзи патқалам ва сиёҳдон тасвирланган. Рамзнинг ташқи тепа қисмида кўк рангли фондаги айлана ичига оқ ҳарфлар билан лотин графикасида “JAYXUN ILHOMLARI” ёзуви, унинг ҳар томони учта юлдузча билан ажратилган пастки қисмида эса “NODAVLAT NOTIJORAT TASHKILOTI” деган сўзлар ёзилган. Ташкилот рамзи Қорақалпоғистон Республикаси Адлия Вазирлиги  томонидан 2015 йил 17 сентябрь куни тасдиқланиб 1-сонли гувоҳнома берилган.