"Jayhun ilhomlari" NNT rasmiy veb-sayti

БУЮКЛИКНИНГ ТИМСОЛИ – АЁЛ


30.03.2018

Ривоятларда айтилишича, бир ҳукмдор мулозимлари билан олис сафарга чиқибди. Уч-тўрт кунлик йўлни босиб ўтганларида орқасидан чопар етиб келиб, кенжа фарзанди вафот этганини билдирибди. Ҳукмдор дардини ичига ютибди. Оғир хўрсиниб, йўлида давом этаверибди.
Орадан бир ойча вақт ўтиб, орқасидан яна чопар келиб, аёли вафот этганини маълум қилибди. Ҳукмдор бу сафар ҳам дардини ичига ютиб, йўлида давом этаверибди.
Орадан кунлар ўтиб, орқаларидан учинчи бора чопар етиб келиб, ҳукмдорга кекса онаси оламдан ўтганини маълум қилибди.
Шунда кутилмаган ҳолат содир бўлибди: ҳукмдор отдан тушиб, уввос солиб, ўкириб-ўкириб йиғлабди. Волидаси ҳақига узундан-узоқ дуо қилибди, ғойибона ризолик тилабди. Шоҳнинг аввалги қазоларга сабри-ю, онасининг ўлимига чидай олмай, уввос солиб йиғлаётганидан ажабланган мулозимлар ундан бунинг сабабини сўрашибди. Шунда ҳукмдор:
– Ўғлим ва аёлимнинг айрилиғи ҳам жон-жонимдан ўтди, бироқ чидадим. Аммоболам ўлса, вақт келиб яна фарзанд кўришим мумкин, аёлим ўлди, яна уйланишим мумкин. Лекин мени тўққиз ой раҳмида кўтариб, дунёга келтирган, ер-у кўкка ишонмай, эъзозлаб вояга етказган онамни энди қайдан топаман, – деб яна хунибийрон бўлиб йиғлайверган экан.
Ҳа, оналар дунёдаги энг мўътабар инсонлардир. Шарқ халқлари оиласида аёлларга шу боисдан ҳам улкан ҳурмат-эҳтиром билан қаралади, улуғланади. Боиси, оиланинг тинч-тотувлигини таъминлашда, бир-бировга меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат-эътибор қарор топишида аёл ҳал қилувчи ўрин эгаллайди. Шарқ халқлари оиласида бошқа аъзоларнинг ўрнини камситмаган ҳолда айтиш мумкинки, фарзанд тарбияси билан энг кўп машғул бўладиган киши бу – она.
Бугуннинг аёли жамиятнинг фаол аъзоси ҳамдир. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда аёлларни қўллаб-қувватлаш, қобилият-иқтидорини намоён этишлари учун шароит яратиш, фаоллигини оширишга эътибор тобора кучайтирилмоқда.
Айниқса, Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони жамиятимизда аёлнинг нуфузини янада ошириб, унинг фарзанд тарбияси, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, жамиятни янада ривожлантиришдаги иштироки самарасини оширишга замин яратади.
 

Аҳмад НАФАСОВ, “Жайхун илҳомлари” ННТ раиси.

(Фото - uza.uz)