
Мактабнинг биринчи синфида ўқийдиган набирам Нурдавлат ўзининг болалик тушунчаси билан ажойиб гапларни топиб юради.
Бир куни ёзиб ўтирсам, набирам ёнимга келиб:
– Сиз доскага қарамай ҳам ёзаверасизми? – деб сўради.
– Ҳа, мен калламдан чиқариб ёзавераман.
– Каллангизнинг қаеридан чиқиб турибди, кўрмаяпман, - деб атрофимни айланди у.
***
Ёмғир ёғиб турарди. Автомашинада меҳмондорчиликка кетаётган эдик.
– Бугун йўлда ДАН ходимлари кўринмайди, – дедим йўл-йўлакай.
– Ёмғирда оналари кўчага чиқармаган бўлса керак, - деди Нурдавлат.
***
Ёзув ёзиб ўтирганимни кўрган набирам:
– Сизларга ҳам уйга вазифа бериб юборишдими? – деди ҳайратланиб.
***
Эрталабки нонушта пайтида ўғлимга қараб:
– Чой ичиб бўлганингдан кейин сенга бир юмуш бераман, – дедим.
Буни эшитган набирам ўрнидан сакраб туриб:
– Менга ҳам юмуш беринг, мен ҳам еб кўрай, – деди.
***
Нурдавлат тўрт яшар пайтида қулоғи оғриб, шифокор қабулига олиб бордим. Навбат кутиб ўтирар эканмиз, у хўрсиниб:
– Шу ёшимгача ҳеч қулоғим оғримаган эди, – деб қўйди бошини чайқаб...
Ўрозали РЕЙИМОВ.