"Jayhun ilhomlari" NNT rasmiy veb-sayti

Ёшлар ва истиқлол мадҳи


26.02.2018

“Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилотининг Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини  ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловда ғолиб бўлган “Ўзбекистон – мафтункор диёр” номли лойиҳасига кўра таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Истиқлолим, сени куйлайман” мавзусида назмий ва насрий асарлар танлови эълон қилинган эди. Таҳририятимизга кўплаб ўқувчилар бу мавзудаги ижодий ишларини тақдим этдилар. Барча ижодий ишларда истиқлолнинг қадр-қиммати, у туфайли мамлакатимизда яратилган имкониятлар, Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг раҳнамолиги ҳамда бугунги Ўзбекистон ҳақида жўшқин фикрлар билдирилган. Қуйида шу ижодий ишлардан парчаларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

*  *  *

1-ўрин ғолиби Манзура Эшимова, Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи:

...Мустақиллик юртимизни зулм ва кишанлардан озод қилди. Ватанимнинг тарихи, тили ва дини, миллий қадриятларини, ўзлигини тиклади. Истиқлолга эришган кун шу боис ҳам, биз учун энг улуғ, энг азиз байрамдир.

Ватан туйғусини чин дилдан ҳис этиш, шу туйғу билан яшаш инсон ҳаётига маъно-мазмун бағишлайди ва уни камолот сари етаклайди. Ватанпарварлик инсонни қанчалик юксакка кўтарса, Ватанга хиёнат шунчалик хор-у зор этади. Бугунги фаровон ҳаёт, бахтли турмуш, тинчлик-осойишталик истиқлол шарофати биландир. Демак, биз мустақиллик қадрини чин дилдан англаб, уни кўз қорачиғимиздек асрашимиз керак.

Истиқлол шарофати билан биз ёшларга қулай имкониятлар эшиги очилди. Замонавий мактаблар, касб-ҳунар коллежлари, спорт мажмуалари, қулай кутубхоналар ва бошқа кўплаб шарт-шароитлар биз учун яратилди. Бу имкониятлар, албатта, бизни Ватанга муносиб фарзандлар бўлиб вояга етишга ундайди.

Ватанни улуғлаб, мустақилликнинг қадрига етиб, истиқлол берган имкониятлардан шукроналик билан фойдаланиб, бор куч ва билимимизни жамият тараққиётига сафарбар этиш бизнинг бурчимиздир.

*  *  *

2-ўрин ғолиби   Севара Исмоилова, Амударё академик лицейи ўқувчиси:

...Кекса бувим ёшликларида ҳаёти оғир кечганлиги ҳақида ҳикоя қилиб берарди. Бувимнинг айтишича, ўша вақтда нон топиш қийин, турмуш ачинарли бўлган экан. Маърифатпарвар, ҳунарли кишилар доим сиқувга олиниб, таъқиб қилинган. Бобом ҳам ҳунарманд бўлиб, ўз меҳнатлари эвазига рўзғор тебратса, “Бойлик орттириш учун пул топаяпти”,  деб сиқувга олинган экан. Шу сабабли, туғилиб-ўсган жойи Хива шаҳрини тарк этишга мажбур бўлиб, шу ерларда макон тутишибди.

Бувимнинг ҳикоялари худди эртакдек, тасаввурга сиғдириш қийин. Ҳозир у кунлардаги машаққатлар ортда қолган. Биринчи Президентимиз И.Каримов халқни мана шундай оғир кунлардан ўз билими ва иродаси билан мустақиллик деб аталмиш нурафшон кунларга олиб чиқди. Халқимиз ҳаётида тубдан ўзгаришлар ясалди. Жамиятимизнинг барча соҳаларида янгиланишлар бўлди. Осмонўпар бинолар, йўллар, кўприклар қурилиб, ёш авлоднинг комил инсон бўлиб вояга етиши учун керак бўлган барча шароитлар муҳайё қилинди.

Истиқлол деб аталмиш буюк неъматни мен мевали дарахтга ўхшатаман. Унинг берган ҳар бир меваси – биз учун яратилган имкониятлардир.

2-ўрин ғолиби Бекзод АЛЛАҚУЛОВ, Амударё Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси:

Истиқлол ҳақида гап кетганида даставвал Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов кўз олдимизга келади. Унинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида келтирилган “Бизнинг энг улуғ мақсадимиз, энг улуғ ғоямиз шуки, Ўзбекистоннинг битта йўли бор: мустақилликни мустаҳкамлаб, мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириб, ёруғ ва эркин ҳаёт сари олға юриш” – деган фикрлари бизни истиқлолимизни  қадрлашга ҳамда юрт итиқболи учун олға қадам ташлашга ундайди.

Шунинг учун ҳам миллий ғояларимизнинг негизида энг буюк мақсад –истиқлолимизни қадрлаш ва уни мустаҳкамлаш туради. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ҳам Биринчи Президентимизнинг эзгу ишларини изчил давом эттириб, мамлакатни янада ривожлантириш, тубдан ислоҳ қилиш мақсадида тараққиётга эришишнинг “Ҳаракатлар стратегияси” Давлат дастурини ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этдилар. Бу ҳам давлатимизнинг буюк келажак сари ташлаган катта қадамларидан бири бўлди.

Ёши катталар, кексалар ҳар сафар дуога  қўл очишганида, албатта, яратгандан тинчлик-осойишталикни, хотиржамликни сўрашади. Чунки дунёнинг турли бурчакларида қўпорувчилик, террорчилик ҳаракатлари, урушлар содир бўлиб халқаро тинчлигига раҳна солмоқда. Қурбонлар ва  вайронагарчиликлар содир бўлмоқда. Шукрки, мамлакатимизда бундай хунрезликлар йўқ. Биз ҳамиша ҳушёр тусак, лоқайдликка берилмасак, ёшлар онгида, қалбида, шуурида Ватанга муҳаббат, садоқат туйғулари мустаҳкамланса, истиқлолимизни ҳеч ким тортиб ололмайди ва халқимизни ҳеч бир куч енголмайди.    

3-ўрин ғолиби Динора Каримбоева, Амударё Академик лицейи ўқувчиси:

Истиқлол бизга ўзлигимизни қайтарди. Халқимизга фаровон ҳаёт туҳфа этди, ўзбек миллати орзулари ушалишига сабабчи бўлди. Буларнинг барчасига улуғ аждодларимиз, буюк сиймолар меҳнати, жасорати эвазига эришилди. Улар халқимизнинг тинч ва озод яшаши учун не-не йўлларни босиб ўтмади, дейсиз.

Мустақиллигимизнинг асосчиси, истиқлол яратувчиси Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бу йўлдаги меҳнатларини алоҳида айтишимиз керак. Ислом Каримов ўзбек халқини фаровон ҳаёт сари етаклади, руҳлантирди. Ўзбекистон ёшларига қарата: “Ватанимиз тақдири ёшлар қўлида. Мен фарзандларимга ишонаман”, – дея ҳар гал таъкидлаганларида,  биз ёшларнинг қалбимиз ғурур ва ифтихорга тўлди. Бу сўзлар моҳиятини, юрт отасининг ишончини кундан-кун теранроқ англамоқдамиз.

Юртимизда кўплаб бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ривожланишлар ортиб, деярли ҳар бир соҳада эришилаётган ютуқлар Ўзбекистон номини дунёга тобора яқинроқ танитмоқда. Буларнинг барчаси истиқлол, истиқлол берган имкониятлар туфайлидир.

*  *  *

4-ўрин ғолиби Мадина НУРУЛЛАЕВА, 36-мактаб ўқувчиси:

Ўзбекистон Республикаси мустақил бўлган кундан бошлаб, юртимиз эркин бўлди. Тўғри, мустақилликка эришганимиздан кейин бироз қийинчиликлар бўлди. Кейин эса аста-секин ривожланиш бошланди. Буларнинг барига катта ҳисса қўшган муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бўлади. Шу халқни ривожлантирди, дардини тинглади,  халқ учун жонини фидо қилди. Собиқ иттифоқ таркибидаги 15 та республика бир байроқ остида бирлашиб, худди бир тор қафасга жойлашгандек эди. Ана шу қафас ичидан бизни буюк инсон Ислом Каримов олиб чиқди.

Ўзбекистонда катта-катта завод ва фабрикалар қурилди. Ҳозирда Ўзбекистон ривожланаётган давлатлар сирасига киради. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бошқа давлатларга экспорт қилинаяпти.

Халқ фаровонлиги, давлатнинг қудратидан, унинг юксак тараққиёт даражасидан далолат.

Ўзбекистон ҳозирда спортдаги ютуқлари билан ҳам дунёга танилмоқда. Спортчиларимиз олтин, кумуш ва бронза медалларини олиб, ўзбек байроғини кўкка кўтармоқда.

Биз бу юртда туғилганимиздан фахрланамиз.

Биз ҳам Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтариб, дунёга танитамиз.

*  *  *

5-ўрин ғолиби Малоҳат Ҳасанова, 36-мактаб ўқувчиси:

ИСТИҚЛОЛНИ КУЙЛАЙМАН

Қувноқ, шодон қизчаман,             

Истиқлолни куйлайман.

Шу юртда туғилганман,

Уруш недир билмайман,

 

Бор эканмиз дунёда

Эгилмайди ҳеч бошинг

Биз оқлаймиз ишончинг

Бунга берамиз ваъда.

 

Бор овозда баралла,

Истиқлолни куйлаймиз!

Озода ХУДОЙБЕРГАНОВА тайёрлади.