"Jayhun ilhomlari" NNT rasmiy veb-sayti

Қайнонанинг дил сандиғи очилганда


24.02.2018

ҲАЁТ САБОҚЛАРИ

Сувга ахлат супурган келин

Сайёра шаҳардан қишлоққа келин бўлиб тушди. Оилада ёлғиз қиз бўлганигами ёки икки нафар келинойиси ҳамма юмушларни ўз зиммаларига олганлариданми, Сайёра уй тутиш, дастурхон безатиш, меҳмон кутиш каби оилавий маросимларга унчалик аралашмас, бунга қунт ҳам қилмасди. Аввал институтга кириш учун бундай масалаларни четга суриб қўйган бўлса, талабалик пайтида ўқишдан бўш пайтларида дам олишни, дугоналариникига меҳмондорчиликка боришни хуш кўрарди. Баъзи-баъзида энаси:

– Сайёра қизим, бир куни сен ҳам келин бўласан, чечаларингга қарашиб турсанг, ҳамма ишни ўрганиб оласан, – деганида у:

– Қўйсангиз-да, эна, – дерди эркаланиб, – бошимга тушганида бинойидай ўрганиб оламан...

Мана, Сайёрахоннинг “бошига тушди”ям, келин бўлди. Бир ярим ойдирки, у келинлик вазифаларини вақтида уддалай олмаганидан тез-тез хижолат бўлади. Эшиклари олдидан ўтувчи ариқ доим тўлиб оқади. Яхшиям Сайёра сувни ўз уйидаги келинойилари каби нариги кўчадаги водопровод тармоғидан ташимайди. Шундоқ ариққа челакни ботиради-ю олади, бир пасда кўчага сув сепиб чиқади. Лекин...

Бугун ҳам у тонгда кўча юзини супургани чиқди. Ҳар кунги одати бўйича кўча юзидаги майда-чуйда ахлатларни шарқираб оқаётган ариқ томон супуриб ташлади. Зилол сув юзи чанг, хас-чўпдан хиралашди. Сайёра супургини бир четга қўйиб, қўлидаги челакни энди ариққа ботирганида қўшни ҳовлидан чиқиб келаётган Розия момо ҳассасини кўтариб бақирди:

– Ҳой, келин, қани челакни қўйиб бунда кел!

– Тонг билан бу кампирнинг менда нима иши бор экан, одамни ишдан қолдириб, – ўзича ғудранди Сайёра ва кампирнинг олдига бориб эгилиб салом берди.

– Ассалом, момо!

 Момо унга бошдан-оёқ разм солди-да:

– Вой Орзугулнинг келини-я, ҳали салом беришни ҳам  билмайсанми? – деди бошини сарак-сарак қилиб. – Ассалому алайкум, дейишни ўргатмаганми сенга? Қани бошқатдан салом бер!

Қўшни момо то Сайёра тузук салом беришни ўргангунча алик олмади. Сўнг уни ариқ бўйига олиб борди-да:

– Қизим, – деди жиддий, – ҳар куни ариқдаги сув юзида майда-чуйда ахлат оқади, буни ким қилаётганини билмасдим. Мана бугун ўз кўзим билан кўрдим. Энди қўлинг  билан анов оқиб кетаётган хас-чўпларни ол!

Ариқ четларидаги ўт-ўланларга илиниб, ҳар жой-ҳар жойда сув юзида тўпланиб қолган, ҳозиргина ўзи ариққа супуриб ташлаган ахлатларга қараб Сайёра нотўғри иш қилганини англаб, уялиб кетди. Ариқ ёқалаб юриб ахлатларни сув юзидан олиб, бир жойга тўплади.

– Кўрдингми, – деди момо, – сен ариқни булғадинг, бу сувга қалқиб чиққани, чўкиб, сувни булғагани қанча? Бу ариқдан қанча одам томорқасини, мол-ҳолини суғоради. Юз-қўлини, кир ювиш, чайиш, идиш-товоқ ювиш учун фойдаланади. Иккинчи бундай қилма, бу гуноҳ, болам! Олдингдан оққан сувнинг қадрини бил!

Робия ЙЎЛДОШЕВА.