"Jayhun ilhomlari" NNT rasmiy veb-sayti

КЕЛИН ҲАМ ОНА


24.02.2018

(Ҳикоя)

Жасур ишдан келса, уйда жимжитлик. Ҳар куни олдига югуриб чиқадиган фарзандлар кўринмайди. Албатта, хотини ҳам.

- Ойи болалар қаерга кетди? – сўради Жасур онасидан. Яхшиямки, онасидан фақат болаларини сўради. Хотинини сўраганда-ку...

- Кўзингга хотининг, болаларингдан бошқа одам кўринмайди сенинг. Туққан она ҳақида қайғуришни қўйдинг, отангниям. Танноз хотининг салгина койишимга чидолмай болаларини етаклаб ота-онасиникига кетди, - деди онаси.

- Яна ораларингдан қора мушук ўтибди-да. Койийдиган не айб қилди келинингиз? – сўради Жасур.

- Ҳамиша отанг иккалангиз унинг тарафини оласизлар. Мен бечора яккаланиб қоламан. Бундай яшаганимдан кўра ўлиб кетганим яхшийди. “Гаҳ”, деганда қўлга қўниб турмайдиган келиннинг кимга кераги бор. Ота-онамлар ҳаёт бўлганларида эди, мен ҳам бу уйдан кетиб қолардим, - дея ҳар галгидек жаврай бошлади онаси.

- Ойи, не қил, дейсиз? Гапингизга кириб уни неча бор сўкиб, урганман, яна ураверайми? Ахир у ҳам одам-ку! Ўн йилдан бери сиз билан тил топишолмай сарсон. Ҳамиша хафа бечора, - дея олди Жасур.

- Ҳа, хотинингни аяйсан. Тўққиз ой қорнида кўтариб, туғиб, сенга кўкрагидан оқ сут бериб боққан онанг бечорани ҳимоя қилай, демайсан. Аллоҳдан ўғил фарзанд сўраб, оқибатда азоб-уқубатда юрганим алам қилади менга. Ҳали қараб турларинг, бу келин ота-бола иккалангизни маймун қилади. Ўзи мучалиям маймун экан. Менга Аллоҳим раҳм қилсин. Бошқа кимга суянай. Қизларимникига борсам, қудалар юзига солишса. Вой, худо-ей! Пешонамни шўр қилиб яратган экансан-ку. Энди кимдан мадад кутай? Дод, бемеҳр ўғил дастидан дод, хотинига қул бўлган ўғилдан-ей..., - дея йиғламсирай бошлади онаси.

- Шу қилиқларингиз, бўлар-бўлмасга йиғи-сиғиларингиз билан ҳар доим мени хотинимга қарши қайрайсиз? Ахир Маҳбуба ҳам она-ку! Сиз менинг онамсиз, Маҳбуба эса фарзандларимнинг онаси-ку! Бундоқ ўйлаб қарасам, иккалангиз ҳам онасизлар. Сизгаям, унгаям жабр-зулм ўтказишим инсофдан эмас. Буни тушунинг, ойи. Агар хотинимга – ширин фарзандларим онасига зулм қилаверсангиз, бу уйдан мен ҳам бош олиб кетаман. Хотинимдан, уч нафар фарзандларимдан воз кечолмайман. Албатта, сиздан ҳам ойи! – дея Жасур шахд билан уйдан чиқиб кетди.

Чолиям бир кун олдин Нукусда яшайдиган укасиникига кетганди. Энди эса уйда бир ўзи сўппайиб қолди. Бўлиб ўтган воқеалар, гап-сўзлар алам қилиб, пешонасига уриб, йиғлаб ётиб ухлаб қолибди. Уйқусида туш кўрди. Тушида уни Хизр ота ҳам койибди. “Ўғлинг ҳақ, сен хатога йўл қўймоқдасан. Агар сенинг узатган қизларинггаям қайноналари сенга ўхшаб азоб беришса яхшими? Бу феълингдан қайт. Сен онасан, келининг ҳам она. Оналар, айниқса ёши улуғ оналар кечиримли бўлиши керак. Келининг ҳам барча қатори одам. Шаштингдан қайт, қайт, қайт...”  дермиш.

Шу заҳоти Бика кампир уйғониб кетди. Анча вақт хаёлларга чўмиб ётди. Бироздан кейин, эшик очилиб, уйга аввал неваралари, кейин келини ва ўғли кириб келишди. Невараларини бағрига босган Бика кампир пиқ-пиқ йиғлаганича: мени кечиринг фарзандларим, кечиринг, кечиринг, - деди...

Менимча, кўриб, эшитганларидан хулоса чиқариб, сабоқ ола билиш, бағрикенглик қандай яхши! Кек сақлашдан ким фойда кўрибди, азизлар?!

Саъдулла ХЎЖАНИЁЗОВ.