"Jayhun ilhomlari" NNT rasmiy veb-sayti

АЁЛ БАХТИ


24.02.2018

... Бугун унинг учун одатдагидек бир кун холос. Мана 15 йилдирки, шу аҳвол, бу оилада. Эри ёмон одам эмас: ичмайди, чекмайди, аёлига овозини кўтариб гапирмайди. Ишдан уйга, уйдан ишга боради, айрим эркакларга ўхшаб кўчама-кўча санғимаса-да, аёлига муносабати бошқачароқдек. Эри ҳеч қачон у билан очилиб гаплашмаган. Олдинлари қайнота-қайнона, овсинлари билан бирга яшаганларида унчалик билинмасди. “Мен билан гаплашгани ота-онасидан уялса керак”, деб ўйларди. Энди-чи, нима ҳалақит беради? Фарзандлари катта бўлишган, иккаласи ҳам мактабда ўқишади,  ўқишдан кейин ўғли бокс тўгарагига, қизи эса инглиз тили тўгарагига қатнашади. Ёлғиз қоладиган вақтлари кўп бўлса-да эри унга  тайинли бир гап айтмайди. Аёл кутади, эри у билан ҳазиллашиб, дилдан гаплашадиган кун, албатта келади!

Баҳор яқинлашиб, байрамлар келишини аёл бошқача кутади. Бу йил байрам ўзгача бўлишига ўзини ишонтиради. Ҳар йил шунақа бўлади ўзи. Баҳорнинг илк айёми – 8 март байрамида мўъжиза юз бериб, эрининг ўзгариб қолишини тасаввур қилади. Дам олиш кунлари, байрамларда баъзи  эр-хотинлар шаҳар марказидаги сайилгоҳга, яқинлариникига меҳмонга боришади, мазза қилиб дам олишади. Аёл эса буни орзу қилади, холос. Эридан илтимос қилолмайди. Рад қилса-чи? Йўқ, йўқ кўнгли синади унда.

Бугун байрам. Эридан энди у ортиқча нарса кутмай қўйган. Билади, мўъжиза эртакларда бўлишини. Ҳар йилгидай гулдаста ва торт кўтариб келаётган эрини кўз олдига келтиравериб, тўғриси, чарчади аёл. Ҳафсаласизгина, тушликка дастурхон тузади. Бугун ҳам эр-хотин болаларсиз тушлик қилишади, ҳар доимгидек жимгина.

Эшик қўнғироғи чалинди. Аёлнинг кўнгли бирдан орзиқиб кетди. Қўнғироқ овози ҳам бугун ёқимлироқ туюлди. Эшикни очса, эри.

– Тез кийин, онаси. Бугун сени ресторонга олиб бораман, кейин истироҳат боғига борамиз. Ўйлаб қарасам, шу йиллар ичида бирга дам олмабмиз, байраминг муборак!

Аёлнинг кўзларида ёш айланди. Бу севинч ёшларини эрининг меҳрибон бармоқлари аста артди...

Аёлни бахтли кўриш учун кўп нарса керак эмас экан. Эркак буни тушуниб етди, кеч бўлса-да...

Нодира ЯНГИБОЕВА.