"Jayhun ilhomlari" NNT rasmiy veb-sayti

ДАДАМГА МАКТУБ


24.02.2018

(Дадаси Россияга кетган бола тилидан)

Бир йил бўлди дада, уйга келмайсиз,

Қанчалар соғиндим, буни билмайсиз.

Пулингиз нетаман, ўзингиз келинг

Ёки бизни назар-писанд қилмайсиз.

 

Онам кунда тижорат деб кетади,

Бизни деб бечора ташвиш этади.

Уйда ёлғиз қолиб шеър ёзаяпман,

Менга қачон вақтларингиз етади?

 

Сизлар борсиз... тирик етим боламан,

Устим бутун, ичи дардга тўламан.

Бойликнинг кетидан қачон етасиз,

Меҳрингизга ахир қачон қонаман?

 

Мен ҳам бир кун катта бўлиб қоларман,

Сиз каби пултопар бўлиб оларман.

Сизнинг берган тарбиянгиз бўлмаса,

Йўқ меҳрни айтинг, қайдан оламан?

 

Дадажон, тез қайтинг, меҳрга зорман,

Тирик етимликдан эса безорман.

Россиянинг совуқлари ёмон дер,

У ёт ўлкаларга энди ҳеч борманг.

 

Дадажон, мен сизни соғиндим жуда,

Мени меҳрингиздан қилманг-да жудо.

Тонггача ухламай тилак тиладим:

“Дадам тезроқ қайтсин, меҳрибон Худо!”

Фарҳод АВЕЗОВ, Намуна МФЙ.